Маконда ломакон

                              “Гапхона” туркумидан

Қўналғам Чорсу бозорига туташадиган  кўчанинг бошларида. Олдимда масжид, ёнимда чойхона. Ҳайҳотдай ҳовлида ёлғиз ўзим. Ҳовлининг пасти, дарвоза ёнида, илгари отхона бўлганми,  бостирмага ўхшаган пастак томға техникум толиблари кириб-чиқиб юрарди, совуқлик қилдими, қиш олдидан қоралари ўчди. Аввалбошда илондан хавотир қилардим, мени  бу ижарага олиб келган Олим дўстимга чойхонадаги кунда-шунда улфатлари: “Ўртоғингга айтиб қўй, бу уйнинг илони бор, қўрқмасин, одамга тегмайди, тағин ўлдираман деб юрмасин, жуфти келиб ўч олади”, деган, қўрқмадим-у, лекин худди кунжак-пунжакдан чиқиб келадигандек сесканиб юрдим, кейин э-э бор-е деб, қўл силтадим, кўнглимга илон хавотири ҳам сиғмай қолди.

Кундузлари яхши, ишга бораман, келаман, шанба-якшанбада ҳам шоир-ёзувчи дўстлар ёлғиз қўймайди. Келишса, ғирра бозорга тушиб, олти-етти сўмлик каттакон қовун кўтариб чиқаман. Чўнтакда шамол ҳуштак чалиши афсона эмас, турган гап, бунчага чоғим етмайди, энди тушган қовун тўкмасига бориб, ширасидан тумшуғи тарс ёрилгани ё тагда қолиб сал эзилганини танлаб, жиддий савдога киришаман: харидор заха еган қовунни олмайди, пўласи офтобнинг кўзида икки соатга бормай айнийди,  мен, майли, увол кетмасин, ҳозир олиб бориб сўяман, фалон-туган, хуллас, ерга уриб, нархини бир сўмга тушираман. Дўстларим ўзимга ўхшаган нашр ё матбуот батраклари, арзонқўл мардикорлар, чўнтакларимиз ҳам бир-бирига оғайни, қовуннинг арзони ҳузури шундан жа бошқача. Қовун билан бирга худонинг ўзи бирон нарсани етказади, ҳангомаларимиз кун бўйи, тез-тез тонггача ҳам чўзилади, бу ёлғизликнинг жуда узун йўлларини салгина безаб туради.

Кенг кўнгил, яхши кунлар, устимиздан хатар-хавотир чодири ёпилган, кечалари қўрқиб чиқаман, ўзи кундузи ҳам шу электр қўнғироқдан бир сакраб тушардим,  энди кечаси, айниқса тонг-саҳарда жиринглаб қолса, юрагимга бир совуқ тиғ санчилгандек бўлади – укам афғонда! Аввал Қозоғистоннинг чўлидаги Отар деган жойда эди, кейин Чирчиққа олиб келишди, бу ерда сара десант батальони тузилиб, шу батальонда тинчгина хизмат қилиб юрарди, шанба-яқшанба кунлари мен кўргани борар, Чирчиқнинг суюқ муз сувида чўмилиб, ака-ука дилдираб ҳордиқ чиқарар эдик. Укам бизни афғонга олиб бориб ташлайди-ёв, дер эди, бир куни ҳақиқатан ҳам хуфия олиб кетиб қолди. Мен бехабар қолдим. Укам борганида афғонда инқилоб бўлиб ўтган, энди тинч, лекин садо келмас, хат-хабар қатағон эди. Кейин бирдан тўполон чиқди, уруш, тобут учиб кела бошлади. Укам нима бўлаётганини биз билмайдиган ўша қирғинбаротнинг ичида. Қани эди бирон дараги келиб қолса! Йўқ, ўша зим-зиёга ютилиб кетган!

Ёмон хабардан қўрқишим ана шунда бошланди. Кечалари уйқум ўчади, бутун вужудим бир бўлиб, шу қўнғироқ товуши санчилишини кутаман, доим юрагим бежо.  Бир жияним поезддан саҳар тушиб, тўғри келиб, қўнғироқни босган экан, сенга амаки бўлганимга ижарам ҳам карвонсаройми, худо кўтарсин, ўзи кийиб юрган пайпоғининг ҳидига чидамас эдим, аҳмоқни шундай сўкдим, шундай ер қилдим, энди қадамини узиб кетса керак, қутулдим деб ўйлаган эдим, йўқ, тўнка – ҳеч сўкиш эшитмагандек келиб-кетиб юраверди.  Тавба дейман, пайпоғингни ювмасанг ҳам бўлаверади деб,  биров мандат берганми бунга! Поезддан тушиб тўғри келаверасан, бир-икки соат вокзалда ўтириб тур, ўлмайсан, саҳарлаб меникида пишириб қўйибдими!

Ўзи укамни  ўйлаб ўртанаман, болаликда кўп хафа қилгандек бўлавераман, бир марта йиғлатиб урганим кўз олдимга келиб эзилиблар кетаман. Мактабда вақти  пахта териб, ғишт қуйиб магнитaфонли радиога йиққан пулини ўзим сенга зўридан олиб бераман деб еб кетганимдан виждоним энди қийналади. Баъзида тушимда йиғлаб чиқаман, бошқа сиқинтилар ҳам қўшилса керак, хаёлимнинг бир чеккасида туш кўриб ётганимни билиб, тўйиб йиғлаб оламан. Саҳар уйғониб кетиб енгил тортаман десам, қўнғироқ ваҳимаси кутиб турган бўлади.

Бир вақти бир энли ҳат келиб қолди-ку! Умуман ёзиш мумкин эмас экан, ҳаммаси маҳфий, укам шу мактубчани бир учувчидан жўнатибди, учувчи бошқа фамилия қўйиб, почтадан менга юборибди. Байрам! Укам соғ-омон! Аммо афғондан тобут келиши кўпайса кўпайдики, камаймади. Кўнглимда  қўнғироқнинг ҳам ваҳшати пасаймади.

Йўқ, худога айтганим бор экан, бир ой ўтмай укам Чирчиққа қайтиб келди. Анча улғайган, мўйлов қўйган, салга асабийлашади, лекин одамга меҳрибон, анча мулоҳазали ҳам бўлиб қолган.  Менга битта эмас, бир нечта Швейцария соати олиб келибди. Яна бир-иккита майда-чуйда. “Самолётга чиқишимиздан олдин тинтув қилиб, боримизни олиб қўйди. Сизга деб магнитофон олган эдим, у ҳам кетди”, деди. “Э-э, укам ўзингни олиб келибсан-ку, шунисига шукр!”, дедим. Ҳа, уларга уйга хат ёзиш мамну, афғонга бориб, тўнтариш қилиб келганини энди ҳам ҳеч ким билмаслиги керак.

Укам Чирчиқда хизматни давом эттиряпти, мен журналда ишлаб юрибман. Лекин интернационал бурчини бажарганларнинг тобути пайдар-пай келяпти, қабристонларга бориб ерга киряпти, устидан бир хил узун нотўғри тўртбурчак оқ мармар сағаналар чаппа ханжардек ўсиб чиқяпти. Азадор уйларга уйларга киргулик қилмасин, ғуссага кўмилиб қоласиз…

Хонамда ишлаб ўтирган эдим, эшик қийқ этиб қия очилди. Қарийб мен қатори икки киши, сен кир, мен кир туртишади, бу нима туриш, киринглар-да, деганимдан кейин ўзларини ичкари олишди. Бир-бирига қарайди, хижолатчилик. Мажбурлаб ўтирғиздим. Чой дамламоқчи эдим, қўйишмади.

– Сўраб-сўраб топиб келдик сизни, – деб ийманиб гап бошлади каттароғи.

Сездимки, нима гап бўлмасин, ишимга, санъат журналига алоқаси йўқ. Ё ҳаваскор рассомлармикан? Тахминлаб билолмадим. Қани, келинглар, дедиму бошқа нима дейишни билмай гапни ўзларидан кутдим. Кўзларида ялиниш.

– Шу… – деди шу каттароғи, лекин тили тутилиб, кичигини туртди. – Сен айт. Менинг кўнглим ғалати бўлиб кетяпти.

Кичиги худди бир гуноҳ қилгандек менга бир қараб олди.

– Шу, ака… шу укангиз афғондан келиб, ҳозир Чирчиқда экан?

Яна олиб кетса-я, деган тубсиз хавотирдан юрагим шувиллаб кетди.

– Ҳа, ҳа, шундай. Тинчликми? Нима нима қилди унга?  – деб унга ҳеч нима тусмол қилиб турган бўлсам-да, кўнглимдаги таҳликани ҳайдамадим.

Кичиги ерга қараб каловланди, каттаси менга тинчлик, укангиз ҳам тинч бўлса керак  деб, ўзининг укасига далда билан қараб қўйди.

– Бизлар ака-укамиз. Учта эдик. Кенжамиз… шу, бирон нарсаси қолдимикан, деб келдик. Укангиздан сўрасангиз, бирон хебе кўйлагими, тароғими… пайпоғи, ювилмаган бўлса ҳам майли. Бувимиз ҳеч кўнишмаяпти, шу пайпоғини искасам ҳам, боламнинг ҳидидан биламан, деб…

Каттаси унинг гапини бўлиб тушунтириш берди:

– Тўртта солдат келиб очдирмади-да. Бувим додлаб тобутнинг устига ётиб ҳам олди, оч, ноинсоф, совук бетини кўргани ҳам қўймайсанми, деб, йўқ, мумкин эмас экан. Шу рух тобутни очмай кўмиб, додлаб қолавердик. Энди бувим ҳар куни йиғлайди, аскар боламдан бу оламда бирон белги қолган чиқар, деб…

Кичиги гапдан қолмади:

– Адо бўлиб қолди ўзи ҳам. Кўрсангиз чўп дейсиз.

Ҳамма гапни англаб тургандай эдим-у, лекин бирдан ақлим юрмай қолди.

– Ким? – деб сўрабман.

– Бувимиз-да, – деди у шоша пиша. – Сира чидашмаяпти куйикка. Шунга ака-ука икковимиз умид билан келдик, бирон нарсаси топилиб қолар деб. Кампир одам-да, бир искаб кўрсалар, ишониб, бўйинларига олар эдиларми деб…

Ака суҳбат жиловини яна қўлига олди:

– Сизни айтишди, укаси афғондан қайтган, мумкин укаларинг билан бирга хизмат қилган бўлса деб. Шунга келдик: укангиздан сўраб берсангиз, билса, бирон нарсаси қолган бўлса… Биз ҳам қийналиб юрибмиз-у лекин бувимиз жуда азобда қолдилар – да. Супрақоқди суюмлироқ бўлар эканми, сира кўнмаяптилар.

– Бир-икки кун кутиб ўтирамиз, – деди ука.

Ака-уканинг  иккаласи бир сиқим умид, бу умид сизга термилиб турса, сиз нима қилишни билмасангиз…

– Эртага бориб келамиз, – дедим.

Ака бир зум тин олди-да:

– Йўқ, боролмаймиз, – деди. – Кўпчиликнинг ичида кўзимизнинг сувини шўрғалатиб, тўйдик. Энди юрак кўтармайди…

Ишда бемалол эдим, эртаси куниёқ Чирчиққа бордим. Ҳарбий қисм эшигидан укамни чақиртириб олдим. Ўша ернинг ўзидаёқ гапни бошладим: шунақа-шунақа, шу Фарғонадан Мирзараҳим деган йигитнинг ўлиги келган экан афғондан, акалари сени эшитиб менинг олдимга келишди, оналари сира тинчимаётган экан, боламдан қолган бирон белгини кўрай, бағримга босай деб,.. Хуллас, тушунтирдим.

– Мирзараҳим? Фарғоналикми? – деб сўради укам ҳайрон бўлиб. – Ҳа, биламан. Лекин у ўлгани йўқ.

– Рух тобутда олиб бориб кўмишибди-ку, балки бошқа Мирзараҳимдир? –

Юрагимга бир илиқ нарса оқиб кирдию ўша заҳоти музлаб қолди.

– Ўзи батальонимиздан ўн икки аскар ўлди. Булар ҳам ўққа учмаган, БТРнинг ичида  гранатомётни очиб кўрамиз деб. Уларнинг орасида Мирзараҳим йўқ, – деди укам қатъий. – Ўлганларнинг ҳаммасини биламан-ку. Хоҳласангиз, ҳозир чақираман, ўз кўзингиз билан кўрасиз.

Ўлик одамнинг тиригини кўришдан сескандим, билмадим, нимагадир у бўйнимга осиладигандек туюлиб кетди.

– Йўқ, мен кўриб нима қиламан? Бориб акаларига айтай, -дедим суст босиб.

– Қизиқ, – деди укам ажабланиб. – Унда кимнинг тобути бўлса? Каттақўрғонлик бир бола йўқолиб қолди, шумикан? Лейтенантимиз Солижон, дўстим, ҳеч кимга айтманг, ичимиздан битта шу йигит бедарак, уйига нима деб ёзишни билмаяпмиз, деган эди… Даҳшат, ота-онаси ўғлимиз афғонда жанг қиляпти деб юрган бўлса-да, бирдан тобути борса! Э-э, даҳшат!

– Шунақа… – деб бошқа гапира олмадим.

– Ҳа, Мирзараҳим тирик бўлгандан кейин, тобутини кавлаб олиб, ўша эгаларига топширади-да.

Айтдим-ку, укам афғондан анча қуйилиб қайтди, деб. Мен тасаввур қилолмайдиган нарсаларни  аниқ-аниқ айтиб беряпти…

Эртаси куни кўзлари жавдироқ ака-ука олдимга келди.

– Ҳа, бирон нимаси топилдими? – деди ака ўша кўзида йилтираб қотган умид билан.

Уларни хурсанд қилмоқчи бўлиб:

– Ҳеч нимаси топилмади, – дедим, кейин  томдан тараша тушгандек, – лекин ўзи топилди, – дедим.

Ака-ука иккови ҳам гапимни унча англамай оғзимга тикилиб қолишди.

– Мирзараҳим укаларинг ўлмаган, Чирчиқда эсон-омон хизмат қилиб юрибди экан, – дедим дона-дона қилиб.

Энди икковининг ҳам оғзи очилиб, бир-бирига қарашди: гапим ҳалигача тўлиқ етиб боргани  йўқ.

Ниҳоят ака энтикиб:

– Ростданми? Рост айтяпсизми? – деб яна сўради. – Ҳазиллашманг!

– Рост! Рост! – дедим ўзим ҳам таъсирланиб. – Шунақа гапдан ҳам ҳазил бўладими?

Ука учиб туриб акани қучоқлаб олди. Ака шунча ақли билан ҳам каловланиб  қолди. Нуқул ака, дейди титраб, менга қарайди.

– Ўзим кўрмадим-у, лекин ростдан ҳам рост, – дедим.

Ука ирғишлаб кетди:

– Кетдик, ака! Мирзараҳимжонни бориб кўриб, ўзимиз билан олиб кетамиз. Бир ҳафтага бўлса ҳам командирлардан сўраб.

Ака бирдан ўзини ўнглаб олди, укани бир қучоқлаб, бошини чайқади:

– Йўқ, Мирзараҳмат! Боришга-ку, ҳозир борамиз, иссиқ юзини ҳам кўрамиз. Лекин олиб кетмаймиз.

Ука Мирзараҳмат яна бир ирғиб тушди.

– Ий-я, бувимизни қувонтирмаймизми? Кўришсин-да, ахир!

Ака бир зум эзилиб ўйланди.

– Хай, бориб кўрайлик. Лекин ҳозир уйга олиб борсак, тирик кўрсатамиз деб бувимнинг ўзини ўлдириб қўямиз. Шилққа ташлаб юборадилар, юраклари кўтармайди.

Ука Мирзарахматнинг тушунгиси келмади. У Мирзараҳимнинг ўзини кўришдан ҳам кўра уни бувисига кўрсатишга шошиларди:

– Аввал Мираҳмад амакимникига бекитиб турамиз, айтиб, кейин кўрсатамиз.

Ака, унинг оти Мирзаҳаким экан, бош чайқади, у энди Мирзаpaxимнинг тириклиги эмас, онасини ўлдириб қўймаслик ғами босган эди.

– Мирзараҳмат! – деди кескин оҳангда. – Ҳовлиқма, худога шукр қил! Мирзараҳимни кўрамиз-да, ҳиди келадиган нарсасини бирон олиб, уйга кетамиз. Ўзимиз! Бувимга ўша нарсани бериб, гапни секин узоқдан оламиз: шу… суриштирдик, бирга хизмат қилганлардан биронтаси Мирзараҳматнинг ўлигини кўрмаган экан, номаълум кетганми, ўлганми – номаълум, кейин, армияда тобут адашиб кетиши ҳам кўп бўляпти экан, ўғлингиз тирик ҳам бўлиши мумкин, деб бир ўн беш кун бувимизни тайёрлаб борамиз. Кейин яна бир Тошкентга бориб суриштириб келайлик-чи, зора тирик бўлса, деб келиб, Мирзараҳимни олиб борамиз. Шунда ҳам бирдан кўрсатмаймиз, майли, ана, Мираҳмад амакимникига қўйиб туриб, бувини кўндириб… Маъқулми? Нима дедингиз, ака?

Мен нима дейишни билмадим.

Мирзараҳмат шалвираб:

-Эҳ-ҳе! – деб юборди. – Шунча вақт куттирамизми? Унгача ўлиб қолмасинлар тағин.

– Айтдим-ку, – деди Мирзаҳаким энди жўяли қилиб. – Ўлгани қўймаймиз – яхши гапириб, кўнгилларини олиб бораверамиз…

– Ҳай, кетдик, – деди ука Мирзараҳмат сабри чидамай.

– Ҳа, кетдик, – ака Мирзаҳаким енгил тортиб…

Мен қолдим, кўнглим анча енгил тортган эди, энди тобут борадиган ўша Каттақўрғондагими оилада қандай қиёмат қўпишини ўйлаб, хонамга, ишхонамга сиғмай қолдим, ториқиб кетдим. Урушнинг тўхтайдиган сиёғи йўқ, укамни яна олиб кетиб қолмасмикан? Бирон одам билан гаплашмасам, торс ёрилиб кетаман. Чўнтагимда саккиз сўм бор экан, етар. Қайси дўстимнинг олдига боришни билмасам ҳам, ишни ташлаб кетиб юбордим. Биронта шерик албатта топилади.

Укамнинг хизмати тугашига ҳали икки ой бор, шунча қон кечиб келгандан кейин  энди  жавоб берса ўладими  бу ҳарбийлар!

Ака-ука Чирчиққа кетди, укани кўргани, уларни бошқа кўрмадим, лекин кўнглимда қизиқиш қолди, одамни баъзан ғийбат гапларни ҳам қувлаб юради, бу ғийбат эмас, тирик жоннинг тақдири-ку. Кейин укам айтиб берди, ака-ука ўн-беш йигирма кунда эмас, бир ҳафтада узун-қисқа бўлиб қайтибди: кампирни авраб тинчитишнинг сира иложи бўлмабди, Мирзараҳимнинг бир-икки ювилган йўл-йўл десантчи кўйлагини олиб боришган экан, кампир бир ҳидлабдию, болам ўлмаган, ўзини топиб берасизлар, мана, бу тирик боламнинг кўйлаги, мана, ҳиди ўлик боламнинг эмас, тирик боламники, ҳали эскирмаган, деб вовайло кўтарибди. Яна ҳар куни илгаригидан беш баттар йиғи, бетига сув сепишлар. Шунга ноилож тағин Мирзараҳматни кўрмай бир нарса бўлиб қолмасин деб қайтиб келиб, командирлардан ўн кунга жавоб сўраб олиб боришган экан, алдаб-сулдаб тайёрлаб қўйишган бўлса ҳам Мирзараҳим эшикдан кўриниш бериши билан кампир шилққа ташлаб юборибди. Дўхтир ҳам буларга  амаки, ҳам бурч, ҳам қизиқишдан тайёр турган экан, дарров эмлаб, сув сепиб кўзини очдирибди – бу ёғи хайриятчилик, тўрт кўз тугал.

Мирзараҳимнинг жасади деб кўмилган руҳ тобут-чи, у қаёққа кетган? Уни билолмадик, ҳарбий сир, маҳфий, борган жойида ўзи тупроққа кириб, оқ мармар сағанага айланиб ўсиб чиққан бўлса ҳам пешанаси шўр бебахт ота-она, жоначир яқинлар кўнглида кўмила олмай лопиллаб келаётгандир. Чирқираб сарсон бу руҳни ким кўмади…

Ўтганларнинг охирати обод бўлсин!

Аҳмад АЪЗАМ
2013 й.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *