Аҳмад Аъзам: халқимизнинг миллий уйғонишига, ўзлигини англашига хизматим сингган (25 июн 2012й.)


Би-би-си меҳмони Аҳмад Аъзам билан суҳбат

Аҳмад Аъзам: Одам ҳамма нарсага шукур қилиши керак. Худонинг берган умрига. Мен берган дардига ҳам, давосига ҳам шукур қиламан. Беш йилдан буён гемодиализ оламан. Шу даврда учта китоб ёздим. Бу жиҳатдан умримдан розиман. Лекин ёзувчи одам ҳамма нарсани ёздим деёлмайди. Армонлари бўлади кўнглида. Аниқроқ айтадиган бўлсак, учта ҳикоя, қисса ва роман бошлаб қўйганман. Ёзмоқчи эмас, бошлаб қўйганман. Шуни тугатишга Худодан соғлиқ ва умр сўрайман. Худо шу тилакларимни инобатга олса, буларни ёзсам, бандаси ҳеч нарсадан кўнгли тўлмайдиган одам, Худодан яна умр сўрашга тўғри келса керак дейман. Ҳаммамизни Оллоҳ қўлласин!


Ассалому алайкум! Бугунги Би-би-си меҳмони таниқли ёзувчи, мунаққид ва сиёсатчи Аҳмад Аъзам бўладилар. Аҳмад ака, дастуримизга хуш келибсиз!

Аҳмад Аъзам: Энг аввало Би-би-сининг тингловчиларига саломлар! Иккинчидан, эълон қилдингиз, менга савол йўллашларини айтиб. Шу савол беришга арзийдиган одам деб ҳисоблаганлари учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Саволларга баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Би-би-си: Аҳмад ака, суҳбатимиз сизнинг таваллуд кунингизга тўғри келди. Сизни табриклаймиз! Узоқ умр, ижодий ютуқлар тилаймиз!

Аҳмад Аъзам: Раҳмат, энди миллионлаб, миллиардлаб одамларнинг ичидан менинг ҳам бугун туғилган куним экан. Унақа муҳим масала бўлмасада, барибир табрик ёқимли. Раҳмат.

Би-би-си: Суҳбатимизни адабиётга қандай қилиб қизиққанингиздан бошласак. Марҳамат!

Аҳмад Аъзам: Болалигимдан, мактаб кутубхонасидан бошланган. Жуда кўп китоб ўқирдим. 4-синфда ўқитувчимиз “Аҳмад 40 та китоб ўқиди”, деб мақтагани ҳали ҳам эсимда. Қишлоқда ўсган бўлсам ҳам, қишлоқ мактабининг каттагина кутубхонаси бор эди. Шу ерда китоб ўқишга ружу қўйганман. Лекин ёзувчи бўламан, танқидчи ё сиёсатчи бўламан, деб ўйламаганман. Самарқанд давлат университетида ўқиб юрганимда курсимизда бешта шоира қиз бор эди. Уларнинг ижодини кузатиб, бу қиз бунча йил ёзади, униси бундай, деб ўз мулоҳазаларимни билдирганман. Шундан кейин “Э, бу танқидчи экан”, дейишган. Танқидга қизиққанман. 28 ёшимгача танқидчилик, адабиётшунослик билан шуғулланганман. 28 ёшимда биринчи ҳикоямни ёзганман. Энди кўп ёзмаганман. Мана ҳозиргача баҳоли қудрат қалам тебратиб юрибман.

Би-би-си: Яна шу мавзуга боғлиқ савол. Қишлоқлик мусофирдан. Сиз ўзингизни кўпроқ ким деб, ёзувчими, танқидчими ёки сиёсатчи, деб аташларини хоҳлайсиз? Қайси соҳада одамларга кўпроқ фойдам тегди, деб ўйлайсиз?

Аҳмад Аъзам: Энди айтганимдай, танқидчиликдан бошлаганман. Кейин у-бу нарса ўзим ёза бошладим. Мен ҳозир ҳам ёзаётганимни ҳисобга олиб, агар шунга арзисам, ёзувчи деб аташларини хоҳлардим. Энди одамларга кўпроқ фойдам теккани маъносида, тележурналистлигим бўлса керак дейман. Жуда кўп, 500 га яқин кўрсатувлар қилганмиз. Ҳаммаси долзарб мавзуларда. Шу билан қайта танилганман. Шу билан обрў топганман, Худога шукур. Телевидениедаги ишим билан нонимни ҳалоллаб еганман. Халқнинг миллий уйғонишига, ўзлигини англашига хизматим синггандир. “Ўзлик” кўрсатувида қатағонга учраган, миллий мустақиллик учун курашган, отилган одамларнинг тақдирини кўрсатганмиз. 10-15 йиллаб “ўтириб келган” одамларни топиб ҳатто суҳбатлар қилганмиз. Энди мақсад нима, ўтмишнинг қайтарилмаслиги, халқнинг миллий ўзлигини уйғотиш маъносида қилинган. Лекин барибир кўнглим ёзувчиликда. Ўша телевидениеда ишлаб юрган пайтларим, каналнинг бош директори бўлган пайтларим уйга келиб ўксиниб кетардим. Тошкентга нима учун келдиму, нима қилиб яшаб юрибман, деган. Ёзолмаяпманку, деб. Мана ҳозир 3-4 йилдан буён ёзаяпман. Кўнглим хотиржам анча, Худога шукур.

Би-би-си: Тележурналистика соҳасидаги ижодингиздан унча қониқмаслик, катта асар яратиш эҳтиёжи устун турганда?

Аҳмад Аъзам: Йўқ, бир-бирига қарама-қарши қўймайман. Кўрсатувларни имкониятлар даражасида, моддий имкониятлар даражасида қилганман. Лекин бадиий асар яратмаганим кўнглимни ўкситиб турган. Иккаласи алоҳида-алоҳида нарсалар.

Швециядан шоир: Бугунги адабий жараёнга таъсир қилувчи асарлар яратилаяптими ўзбек адабиётида? Кимларни ўқийсиз?

Аҳмад Аъзам: Раҳмат, яхши савол экан шу. Ҳозир жуда кўп гапирилади. Адабиёт ундай бўлиб кетди, бундай бўлди. Китоб дўконларини олди-қочди асарлар босиб кетди, деб. Лекин мен бундай ўйламайман. Адабиётнинг ривожланиб келаётган туб оқимлари бор. Китобий гап эмас бу, қоялари бор.
Адабиётимиз яхши томонга қараб ўзгаряпти. Мен ёшлар ҳақида гапиряпман, ўзимдан катталар ҳақида эмас. Масалан, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, Собир Ўнар каби ёзувчиларнинг асарлари. Булар профессионал ёзувчилар. Уларнинг асарлари нафақат адабий жараёнга таъсир ўтказади, балки адабий жараённи яратаётган ёзувчилар. Кейин жуда бақувват бир шеърият бор бизда. Фахриёр, Абдували Қутбиддин, Баҳром Рўзимуҳаммадга ўхшаган. Аллақачон шаклланган шоирлар. Уларни баъзида модерн ҳам дейишади. Улар шеъриятда, адабиётда янгича тафаккур, янгича фикрлаш намуналарини яратаяпти. Шуларни ўқиб жуда хурсанд бўламан.

Би-би-си: Эндиги савол сиёсий фаолиятингизга боғлиқ экан. Чимкентдан Ботир: Аҳмадбой, омонмисиз? Соғлиқлар яхшими? Пенсияга ҳам чиқиб олдингиз. Сиз бир пайтлар “Бирлик”нинг, сўнг “Эрк”нинг фаоли, ҳатто Бош котиби бўлдингиз. “Бирлик”дан чиққанингизнинг сабаби маълум. Аммо “Эрк”дан нега кетдингиз? “Эрк”дан кетганингизда Муҳаммад Солиҳ сиздан қай даражада хафа бўлди? “Эрк”дан кетишингизни бир хиллар сотқинлик деб баҳолашди. Ўзингиз нима деб ўйлайсиз?

Аҳмад Аъзам: Биринчидан саволнинг бошидаги гапни унча тушунмадим. Пенсияга ҳам чиқиб олдингиз, деб сўраляптида. Худди пенсияга чиқиш айбдай. Мен пенсияга 58 ёшимда чиқдим, соғлигим туфайли. Биринчи гуруҳ инвалиди бўлиб пенсияга чиқдим. Пенсиягача жуда яхши ишладим. Агар давлат менга ҳозир пенсия берадиган бўлса, шу пенсиямни оқлаганман. Иккинчидан, “Бирлик”дан мен кетганим йўқ. Мен “Бирлик”ни ҳамраиси бўлганман. “Бирлик” бўлинди. Мен “Эрк” партиясига ўтдим. Бу кетди, деган нарсани билдирмайди. “Эрк” партиясида мен “ҳатто бош котиб” бўлганим йўқ. Мен ҳақиқий бош котиб эдим. Мен “Бирлик”даям, “Эрк”даям ҳалол ишладим. Ҳозир ўзини етакчи, ташкилотчи ҳисоблайдиган одамларни бештасини, ўнтасини йиғсаям менчалик иш қилмаган бўлади. Энди Муҳаммад Солиҳ сиздан қай даражада хафа бўлди, деган савол. Бу ўртамиздаги гаплар. Кетишимнинг сабаблари бор. Уларга алоҳида қараш керак. Энди кетишимни сотқинлик, деб қарайдиганларга. Нимага нисбатан сотқинлик? Масалан, биз ўша пайтда кўтарган ғояларга, интилишларга нисбатан айтиладиган гап бўлса, мен ватандан чиқиб кетмай, ҳалиги грант умид қилмай, ўзимни жабрдийда кўрсатиб, қанақадир иқтисодий ёрдамлар олишга интилмай, ўша ишларни қилдим. Ўша сиёсий мақсадларни амалга оширдим. Халқнинг миллий ғурурини уйғотиш, ўзлигини танитиш бўйича телевидение соҳасида, олдин айтганимдай, битта “Ўзлик” кўрсатуви бўладиган бўлса, 180 та кўрсатувда камида 200 та жабрдийда одамнинг тақдирини кўрсатдим. Мен ҳалол ишладим деб ўйлайман. Буни сотқинликка ҳеч бир алоқаси йўқ. Мен бирорта одамни сотиш у ёқда турсин, бошқалардан фарқли равишда бирорта одамни ёмонлаганим ҳам йўқ. Матбуотни кўришингиз мумкин, бошқа нималарни кўриш мумкин. Энди яширин сотқинлик дейдиган бўлса, бир куни ҳамма ҳужжатлар кўтарилади. Кимнинг кимлиги барибир ошкор бўлади. Мен бу маънода ўзимни виждонимни ҳам тоза дейман, боя айтганимдай нонимни ҳалоллаб еганман.

Би-би-си: Раҳмат, чимкентлик Ботирнинг иккинчи саволи: укангиз Қуддус анча машҳур журналист бўлиб танилгандилар. Кейинги тақдирлари бизга номаълум, деб сўраганлар.

Аҳмад Аъзам: Кейинги тақдири, уни тақдири жудаям ўзгариб кетгани йўқ. Ўзбекистон телевидениесида битта редакцияни бошқариб, ишлаб юрибди. Ҳар ҳафта кўрсатувлари билан чиқади. Яна нима дейишим мумкин. Ишлаб юрибди.

Хонқадан Матжонбой: Аҳмад ака салом, борингизга шукур. Сизга яқин бўлган шоир Муҳаммад Солиҳда “ҳазм бўлмаган жисм” деган ташбеҳ бор. Сиз ўзингизни “ошқозонда ҳазм бўлмаган жисм”, деб биласизми?

Аҳмад Аъзам: Хўш, нима десам экан? Шу қозонга сиғмайман шекилли-да. Мана соғ-омон юрибман. Бугун 63 га чиққан бўлсам, истаган гапимни айтаяпман, истаган асаримни ёзаяпман. Катта ёзувчидек қарашади. Тўғри, мен ҳам оғзимга келган гапни ўйламай қўйиб юборавермайман. Орқа-олдимга қарамай гапиравермайман. Нимага бунақа эканимни, нимага ҳазм бўлмай кетганимни билгиси келган одам сайтимга кириб асарларимни ўқиб кўрсин, ўзи хулоса қилади. Мен шундай деб ўйлайман.

Тошкентлик мухлис: муҳтарам Аҳмад Аъзам, дўстингиз ва сафдошингиз Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдим.

Аҳмад Аъзам: Энди инсоний нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, биз Солиҳ билан 1975 йил танишган бўлсак, 1992 йилгача, 16-17 йил биз бирга бўлганмиз. Жуда қалин дўст бўлганмиз. Айтишиб, тортишиб турганмиз. Битта майизни бўлиб ейдиган яқин оғайни бўлганмиз. Кейин сиёсат турли нималарга ташлади. Бу энди алоҳида бир суҳбат мавзуи. Лекин мен барибир ёшликни, 70-80, 90-йилларнинг бошларидаги адабий жараёнда шу Муҳаммад Солиҳга ўхшаган шоирлар билан яқин дўст, ҳамкор бўлганимни ҳалиям соғинаман. Мен масалан, Солиҳ сиёсатчи бўлмаганида жуда катта шоир сифатида ўзбек халқининг маънавиятини кўтаришда катта хизмат қилган бўларди, деб ўйлайман. Мен ҳозир нима дейишим мумкин. Кўпдан бери у билан гаплашмайман. Гаплашишнинг иложиси ҳам йўқ. Лекин мен унга доим омонлик, соғлик тилайман.

Би-би-си: Прагадан Муқаддам шундай ёзган: Салом Аҳмад ака, асарларингизда одам кўп.”Ўзи билан ўзи гапираётган одам”, “Жим ўтирган одам”, “Ўзим билан ўзим” ва ҳоказо. Одам сиз учун қанчалар муҳим?

Аҳмад Аъзам: Мен учун фикр муҳим. Яъни, одамнинг ўйлаши муҳим. Қизимиз “Ўзим билан ўзим” туркум новеллаларни айтаяпти. Бу туркумни мен шўро замонларида ёзганман. Ўша вақтлари босилган.
Одамни ўйга тортиш, бу дунёга нимага келдингу, нимага яшаяпсан, нимага жим ўтишинг керак, деган мулоҳазаларга ундаш. Ўйлаётган одамни ҳар хил ҳолатга солиб кўриш керак. Шу билан ўқувчи онгида фикрни уйғотишга ҳаракат қилганман. Ўзим билан ўзим дегани ҳам, ҳамма ҳам ўзи билан гаплашиб кўрсинчи, нима гаплар чиқади деган мақсадда энди. Шўролар даврида ўзингиз биласиз қандай бўғиқлик бўлган. Буни ўқиган ўқувчи ҳам нимани назарда тутганимни яхши билади. Мен учун одам, шунчаки одам эмас, одам кўп. Фаол одам, фаол ўйлайдиган одам муҳим.

Швециядан Бек: Сиз ёзувчи Камюнинг асарларини таржима қилгансиз. Сиз ҳам ўзингизни жамиятда, одамлар орасида ёлғиз, бегона ҳис қилганмисиз?

Аҳмад Аъзам: Сал оғирроқ савол. Энди ўйлаётган одам кўпчилик билан ўйламайди. Ёлғизликда ўйлайди. Шунинг учун ҳам кўп ўйлайдиган одам ёлғиз. Энди ўзимни оладиган бўлсам, чинданам ёлғиз қолган пайтларим, йилларим бўлган. Мана масалан, партиядан, “Эрк”дан кетганимдан кейин кун кечириш, оилани боқиш учун тўрт йил кўчаларни машинада кездим. Ватанда, қариндош-уруғ, дўстларим атрофимда. Машинамда ёнимда одамлар ўтирган бўлса ҳам, руҳан жуда ёлғиз ҳис қилганман ўзимни. Кейин ёлғиз ўйларга берилмасдан, бадиий асар яратиш қийин. Албатта ҳеч ким ёлғиз қолмасин. Ёлғизликни иродаси билан енгиб чиқсин.

Би-би-си: Нега айнан Камюнинг асарларига мурожаат қилгансиз? Бу сизнинг руҳий ҳолатингизга боғлиқ бўлганми?

Аҳмад Аъзам: Йўқ, дунё адабиётини жуда кўп ўқирдик. Кўпчилигимиз учун бу урф бўлган эди. Япон адабиётидан, лотин Америкаси буюк ёзувчиларидан Жером Сэлинжер, Кавабатани жуда яхши кўриб ўқиганман. Европанинг маънавиятига жуда катта таъсир қилган Жан-Поль Сартр, Камю асарлари бор эди. Мен атайлаб Камюнинг асарини танлаб олиб, Зоминга тоққа чиқиб кетиб, дам олиш уйида мазза қилиб таржима қилганман.

Хабаровскдан муслим: Ассалому алайкум Аҳмаджон ака! Сизга сиёсатчи сифатида биргина саволим бор. Ҳозирда Ўзбекистон фуқароларининг миллионлаб қисми дунёнинг турли бурчакларида тирикчилик илинжида тарқалиб кетишган. Уларнинг орасида коллежни битирмай кетворганлари ҳам жуда кўп. Демак кўпчилиги ёшлар. Бу қачонгача давом этади, ёки бир умр улар иммигрант, гастрабайтер бўлиб ўтишадими?

Аҳмад Аъзам: Мен 1970 йиллари турк ёзувчиси Бакир Йилдизнинг катта асарини ўқиганман. Туркиядан келиб Германияда ишлаган. Бакир Йилдизнинг ўзи ишлаб топган пулига босмахона сотиб олган. Кейин ўзининг асарларини, бошқа асарларни чиқарган. Миллионлаб турк гастарбайтерлар бўлган ўша пайтда ҳам. Ривожланаётган, иқтисодида ўзгариш юз бераётган давлатларнинг бошида бу муаммо албатта бор. Ҳозир бутун Европа миграциянинг “дастидан дод” деяпти. Африка давлатларидан келаётган мигрантлардан. Энди бунинг ҳам вақти ўтар. Лекин дунё кезишнинг яхши томонлари ҳам бор, муаммолари ҳам бор. Мутахассислар бунга кенгроқ жавоб бергани маъқулроқ. Мен бу масалага босиқроқ қарайман.

Россиядан Олим: Янги романингизнинг номи нега қулистон ёки гулистон эмас, Ғулистон?

Аҳмад Аъзам: Бу сўз ўйини. Луғатдан топиб олдим ғул деган сўзни. Ғулдан ғулийларни ўйлаб чиқардим. Ғулистон деб қўйдим. Ўтмиш ҳаётимизда кўрган, кўраётганларимизнинг акси, таассуротларимиз. Мен бу асарни 1995 йилларда бошлаганман. Телевидение билан бўлиб ёзолмадим, қолиб кетди. Касаллигим туфайли пенсияга чиққанимдан сўнг буни ёздим. Тили мен кўп йиллардан бири интилиб келган тил, тажриба қилдим.

Toshkentdan Shukurzoda: O’tgan, o’tayotgan umringizdan mamnunmisiz? Nimalar yozmoqchisiz?

Аҳмад Аъзам: Одам ҳамма нарсага шукур қилиши керак. Худонинг берган умрига. Мен берган дардига ҳам, давосига ҳам шукур қиламан. Беш йилдан буён гемодиализ оламан. Шу даврда учта китоб ёздим. Бу жиҳатдан умримдан розиман. Лекин ёзувчи одам ҳамма нарсани ёздим деёлмайди. Армонлари бўлади кўнглида. Аниқроқ айтадиган бўлсак, учта ҳикоя, қисса ва роман бошлаб қўйганман. Ёзмоқчи эмас, бошлаб қўйганман. Шуни тугатишга Худодан соғлиқ ва умр сўрайман. Худо шу тилакларимни инобатга олса, буларни ёзсам, бандаси ҳеч нарсадан кўнгли тўлмайдиган одам, Худодан яна умр сўрашга тўғри келса керак дейман. Ҳаммамизни Оллоҳ қўлласин! Би-би-си тингловчиларига ҳам соғлик-омонлик тилайман. Ҳеч қачон мақсадларидан оғишмасинлар, ўз фикрларидан чекинишмасин!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *